Ustav




1.1. Республика ёшлар маркази нодавлат нотижорат ташкилоти (кейинги ўринларда Муассаса деб юритилади) ёшларнинг илмий, ҳуқуқий, психологик, педагогик, иқтисодий, тадбиркорликка оид, ижтимоий, ижодий, интеллектуал, тиббий, маиший, фан ва таълим, спорт ва санъат соҳасидаги саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида турли ўқув-амалий ва ижодий тўгараклар ва бошқалар ташкил қилиш мақсадида муассаса ташкилий-ҳуқуқий шаклида тузилган, нодавлат нотижорат ташкилотидир.

1.2. Республика Ёшлар Маркази муқаддам Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 21 июлда 768-сон билан давлат рўйхатига олинган.

1.3. Муассасанинг таъсисчиси Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳисобланади.

1.4. Муассаса ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда мазкур Уставга мувофиқ юритади.

1.5. Муассаса фаолияти ихтиёрийлик, қонунийлик, ошкоралик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади.

1.6. Муассаса қонун ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахс мақомига эга бўлган, мазкур Уставга асосан фаолият юритувчи алоҳида бўлинмаларни, яъни Муассасанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаларини (кейинги ўринларда ҳудудий бўлинмаларини) ҳамда Муассасанинг шаҳар ва туман маҳаллий бўлинмаларини (кейинги ўринларда маҳаллий бўлинмаларини) ташкил этиш ҳуқуқига эга.

1.7. Адлия вазирлигида давлат рўйхатига олинган вақтдан бошлаб Муассаса белгиланган тартибда юридик шахс ҳисобланади.

1.8. Муассаса ўзининг муҳр ва бурчак штампига эга бўлади. Муассаса мустақил балансга, банк муассасаларида ҳисоб рақамларига эга бўлиши мумкин, шунингдек ўрнатилган тартибда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган рамздан фойдаланиши мумкин.

1.9. Муассаса ўз Устави мақсад ва вазифаларига эришиш учун республика ташкилотлари билан шартнома ва келишувларни тузиши мумкин.

1.10. Муассаса мазкур Уставга мувофиқ ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади.

1.11. Муассасанинг номи:

а) ўзбек тилида – “Республика ёшлар маркази”;

лотин алифбосида: “Respublika yoshlar markazi”;

б) рус тилида – “Республиканский молодёжный центр”;

в) инглиз тилида – “Republican youth center”;

Муассасанинг қисқартирилган номи:

- ўзбек тилида Республика ЁМ;

- лотин алифбосида: Respublika YoM;

- рус тилида Республиканский МЦ;

- инглиз тилида: The Republican YC.

1.12. Муассаса фаолиятининг муддати чегараланмаган.

1.13. Муассаса раҳбар органининг жойлашган ери (почта манзили): Тошкент шаҳри, Қатортол кўчаси, 60Б-уй.

2.1. Муассасанинг асосий мақсади мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги ёшларнинг илмий, ҳуқуқий, психологик, педагогик, иқтисодий, тадбиркорликка оид, ижтимоий, ижодий, интеллектуал, тиббий, маиший, фан ва таълим, спорт ва санъат соҳасидаги саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида турли ўқув-амалий ва ижодий тўгараклар ва бошқалар ташкил қилиш ҳамда ёшларни жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишдан иборат.

2.2. Муассасанинг асосий вазифалари:

- ёшларга оид давлат сиёсатининг ёшларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар йўналишидаги мақсад ва вазифаларини амалга оширишда фаол иштирок этиш;

- Устав мақсадларини амалга ошириш учун мўлжалланган дастурларни ва чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

- ўзига ажратилган биноларни ҳамда асбоб-ускуналар, инвентарлар ва жиҳозларни сақлаш, улардан самарали фойдаланишни таъминлаш, коммунал хизмат кўрсатувчи барча корхона, муассаса ва ташкилотлар билан тегишли шартномалар тузиш;

- ёшларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш;

- иқтидорли ёшлар ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш;

- ёшларга психологик ёрдам кўрсатиш;

- ёшларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этишга қаратилган республика ва маҳаллий дастурларни амалга оширишда ҳуқуқий ва услубий жиҳатдан иштирок этиш;

- ёшлар ижтимоий хизмати соҳасида давлат ва жамоат ташкилотлари билан ижтимоий шерикчилик муносабатларини такомиллаштириш;

- ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш йўналишига тааллуқли ҳуқуқий, ахборот-таҳлилий, илмий меъёрий ҳужжатлар, услубий тавсиялар тайёрлаш, социологик ва бошқа тадқиқотлар ўтказиш;

- ёшлар ҳуқуқларига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш, ҳуқуқий саводхонлик даражасини ўрганиш, ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар, турли салбий иллатлар профилактикасини ташкил қилишда иштирок этиш;

- белгиланган тартибда ижтимоий ҳавфли вазиятда қолган ёшлар билан реабилитация ва профилактик тадбирларни амалга ошириш, уларнинг ижтимоий-психологик мослашмаганлик ҳолатини аниқлаш, ижтимоий-психологик йўналтириш, мослаштириш (адаптация), шунингдек, уларни турли салбий таъсирлардан огоҳ этиш, ички оилавий ва бошқа ижтимоий муносабатларда кўмаклашишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

- Ўзбекистон ёшлар иттифоқига ўз фаолиятига тегишли бўлган, зарурият туғилган ҳолларда, ўрнатилган тартибда ахборот, маълумот ва бошқа ҳужжатларни тақдим этиш;

- ўз фаолиятининг Устав мақсадларига яқин бўлган маънавий-маърифий ва таълим фаолиятига кўмаклашиш;

- ёшларга замонавий, қўшимча билим ва касб-ҳунар ўргатиш мақсадида ахборот технологиялари, текстиль, ҳунармандчилик, касаначилик, спорт ва шу каби бошқа фан, билим ва ҳунар ўргатиш тўгаракларини ташкил этиш;

- ўз Уставидаги мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун ёшларга маслаҳат бериш хизматини жорий этиш;

- илмий ишлар, мақолалар, тадқиқот ишлари, Муассаса Устави фаолияти билан боғлиқ бўлган илмий-методологик қўлланмалар, тавсиялар, услубий ҳужжатлар ишлаб чиқиш, уларни ишлаб чиқишга қаратилган танловлар ташкил этиш ва ўтказиш, чоп этиш;

- илмий, маърузавий, маърифий фаолиятни амалга ошириш;

- ёшларга ҳуқуқий, психологик, иқтисодий ва бошқа маслаҳатлар бериш, бўш вақтларини мазмунли ва мақсадли ташкил этиш бўйича мавжуд тўгараклар ва бошқалар тўғрисида маълумотлар бериб боришга йўналтирилган “Ишонч телефони” (“Call center”) фаолиятини ташкил этиш.

2.3. Муассаса қонунда тақиқланмаган ва унинг фаолият мақсадларига мос ҳар қандай фаолиятни амалга ошириши мумкин. Баъзи фаолият турлари Муассаса томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда фақат лицензия, рухсатнома асосида амалга оширилиши мумкин.

2.4. Муассаса фаолиятининг юқоридаги мақсад ва вазифалардан келиб чиқадиган асосий йўналишлари тарбиявий-профилактик, ахборот-маслаҳат фаолияти, турли тўгараклар орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашдан иборат.

 

3.1. Муассаса ўз фаолиятини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- Ўзбекистон Республикасида нодавлат нотижорат ташкилотларига берилган барча ҳуқуқлардан фойдаланиш;

- ўз қонуний манфаатларини давлат ва жамоат ташкилотлари олдида тақдим этиш ва ҳимоя қилиш;

- ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларидаги, шу жумладан, Муассасанинг асосий Устав фаолияти доирасидаги турли масалалар бўйича ташаббуслар кўрсатиш;

- конгресслар, конференциялар, анжуманлар, семинарлар, тренинглар, ўқувлар, симпозиумлар, учрашувлар, давра суҳбатлари, кўргазмалар, ярмаркалар, фестиваллар, кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, акциялар ва Устав фаолияти бўйича бошқа лойиҳа ва тадбирларни ўтказиш ва уларда иштирок этиш;

- илмий ишлар, мақолалар, тадқиқот ишлари, Муассаса Устави фаолияти билан боғлиқ бўлган илмий-методологик қўлланмалар, тавсиялар, услубий ҳужжатлар ишлаб чиқиш, уларни ишлаб чиқишга қаратилган танловлар ташкил этиш ва ўтказиш;

- ўз Устави фаолияти билан боғлиқ бўлган назарий ва амалий ахборот банкини шакллантириш;

- мазкур Устав, дастурий ҳужжатлар ва Муассасанинг бошқа ҳужжатлари билан аниқланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун қонунчиликда белгиланган тартибда ўз фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тарқатиш;

- қонунчиликда белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ва ноширлик фаолиятини йўлга қўйиш;

- маблағини хайрия ишларига сарфлаш;

- ўз рамзий ва бошқа белгиларини таъсис этиш ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш;

- Муассаса тузилмасини белгилаш;

- ўз фаолияти концепцияси, дастурлар, режаларни мустақил равишда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, уларни амалга ошириш йўлларини мустақил равишда белгилаш;

- Устав мақсад ва вазифаларини бажариш мақсадида юридик шахс ҳуқуқлари билан бошқа юридик шахслар ташкил этиш ташаббуси билан чиқиш;

- қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик шахс мақомига эга бўлган ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган бўлинмалар ташкил этиш;

- мол-мулкка эга бўлиш ва хайрия, грантлар ва бошқа маблағларни олиш;

- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда барча таълим муассасалари, мулкчилик шаклидан қатъий назар барча турдаги корхона, ташкилот ва муассасалар, давлат органлари ва нодавлат ташкилотларидаги ёшлар билан бевосита мулоқот ўтказиш;

- вазирликлар ва бошқа давлат идоралари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, илмий-ижодий уюшмалар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда бевосита ёшлар фаолияти билан шуғулланувчи муассасалар билан ҳамкорлик қилиш;

- давлат органлари ва жамоат бирлашмаларига сўровлар юбориш ҳамда тегишли маълумотларни белгиланган тартибда олиш;

- ёшларнинг илмий, ҳуқуқий, психологик, педагогик, иқтисодий, тадбиркорликка оид, ижтимоий, ижодий, интеллектуал, тиббий, маиший, фан ва таълим, спорт ва санъат соҳасидаги саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида турли ўқув-амалий ва ижодий тўгараклар ва бошқалар ташкил қилиш;

- ёшларни муҳофаза қилишнинг аҳволини тадқиқ этиш бўйича мувофиқлаштириш кенгаши ва эксперт комиссиялари, ахборот-таҳлил материаллари тайёрлаш бўйича олимлар, мутахассислардан вақтинчалик ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

- ўз Устави доирасидаги мақсад-вазифаларини бажариш юзасидан шартномалар имзолаш, буюртмалар бериш, шартнома асосида профессор-ўқитувчилар, турли мутахассислар жалб этиш, иш ҳажмини келишиш ва уларга бажарилган ишлар учун келишилган нархларда ҳақ тўлаш, турли адабиётлар нашр эттириш;

- рухсатнома (лицензия) талаб қилинадиган фаолиятлар билан тегишли идоралардан рухсатнома (лицензия) олинганидан сўнг шуғулланиш;

- ўз Устави вазифаларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тақиқланмаган ишлаб чиқариш ва бошқа тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш. Ишлаб чиқариш ва бошқа тадбиркорлик фаолиятидан тушган маблағ Муассаса таъсисчиси ва иштирокчилари ҳамда ходимлар ўртасида тақсимланиши тақиқланади. Маблағлар Устав мақсад ва вазифаларини бажариш учунгина сарфланади.

Муассаса ўзининг Устави мақсадлари ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида кўрсатилган бошқа ҳуқуқларга эга.

3.2. Муассаса ўз фаолиятини амалга оширишда қуйидаги мажбуриятларга эга:

- фаолияти давомида амалдаги қонун, ўз Устави ва тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, адолат, қонунийлик, инсонпарварлик тамойилларига риоя қилиш;

- зарур ҳолатларда ўз мулки ва пул маблағларидан фойдаланганлиги ҳақида маълумотларни тақдим қилиш;

- Муассасани давлат рўйхатидан ўтказган орган вакилларига ўтказаётган тадбирларига эркин кириш имкониятини яратиш;

- Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига ўз фаолияти ҳақида ҳисоботлар тақдим этиш;

- ўз мулкларини асраб-аввайлаш ва уларнинг ҳавфсизлигини таъминлаш;

- ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш.

Муассаса қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятларга ҳам эга.

 

4.1. Муассасанинг раҳбар органи – Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ижроия қўмитаси (кейинги ўринларда Ижроия қўмита деб юритилади) ҳисобланади.

4.2. Ижроия қўмита ваколатлари:

- Муассаса Уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ташаббуси билан чиқиш;

- Муассаса фаолиятининг устувор йўналишларини тасдиқлаш;

- Муассасанинг барча ҳодимлари бажариши лозим бўлган ички меъёрий ҳужжатлар (регламент, ҳужжатлар йиғма жилди номенклатураси ва ҳужжатлар билан ишлаш бўйича йўриқнома ва бошқалар)ни тасдиқлаш;

- Муассасанинг йиллик бюджети ва молиявий ҳисоботини тасдиқлаш;

- Муассасанинг молиявий - назорат комиссияси (кейинги ўринларда назорат комиссияси деб юритилади) таркибини 2 йил муддатга шакллантириш;

-Муассаса ва унинг бўлинмалари мулкини тасарруф этиш;

- Назорат комиссияси ҳисоботларини тинглаш ва улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиш;

- Муассасанинг ҳудудий ва маҳаллий бўлинмаларини ташкил этиш, фаолиятини тугатиш, уларнинг Низомини тасдиқлаш;

- Уставга мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлади.

4.3. Ижроия қўмита йиғилиши заруратга қараб камида икки ойда бир марта бўлиб ўтади.

4.4. Директор 2 йил муддатга Ижроия қўмита томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

4.5. Директор:

- Муассаса фаолиятини бошқаради ҳамда у Устав мақсад ва вазифаларига эришиш учун масъул шахсдир;

- Муассаса манфаатларини давлат, жамоат ва бошқа ташкилотлар олдида ишончномасиз ифодалайди, банкларда ҳисоб рақамларни очади, ишончномаларни беради;

- банк, молиявий, юридик ва Муассаса фаолиятига доир бошқа ҳужжатларга бирламчи имзо чекиш ҳуқуқига эга;

- тасдиқланган бюджет доирасида Муассасанинг мулки ва пул маблағларини бошқаради;

- Муассасанинг моддий ва молиявий маблағларидан фойдаланиш учун жавобгар шахсдир;

- меҳнат қонунчилигига мувофиқ Муассасага ҳодимларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;

- ходимларни тақдирлаш ҳақида буйруқ (фармойиш) қабул қилади;

- Муассаса фаолиятининг дастурларини ишлаб чиқишни ташкил этади;

- ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни Ижроия қўмитага тақдим этади;

- ўз ваколатига тегишли масалалар бўйича буйруқ ва фармойишларини чиқаради;

- Муассаса номидан ҳуқуқларни амалга оширади ва мажбуриятларни бажаради;

- давлат органлари, тижорат ва нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш билан боғлиқ ишларни ташкил этади;

- йиллик бюджетни ва йиллик молия ҳисоботларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича таклифларни киритади;

- Ижроия қўмитанинг қарорларини ижро этиш бўйича чора-тадбирлар режалари ва дастурларини ишлаб чиқади;

- ҳудудий бўлинмалар раҳбарларини лавозимига тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

- Ижроия қўмита қарорлари ҳамда ўзининг фармойиш ва буйруқларини амалга ошириши, ҳудудий ва маҳаллий тузилмавий бўлинмаларнинг фаолияти билан боғлиқ бўлган ушбу бўлинмалардан барча керакли маълумотларни олади;

- мазкур Устав билан муассасанинг юқори раҳбар органи Ижроия қўмита ваколатларига кирмайдиган ва Муассасанинг мақсад ва вазифаларига эришиш учун керакли бўлган бошқа барча ваколатларни амалга оширади.

4.6. Назорат комиссияси Ижроия қўмита томонидан 2 (икки) йил муддатга камида 3 (уч) кишидан иборат бўлган таркибда тайинланади.

4.7. Назорат комиссияси Муассасанинг мулки ва маблағларидан мақсадли фойдаланилиши ва уларнинг сақланиши, Муассаса фаолиятини Устав қоидаларига ва амалдаги қонунчиликка мослиги устидан ҳар йили назорат олиб боради.

4.8. Назорат комиссиясининг ваколатларига қуйидагилар киради:

- Муассаса бухгалтерлик ҳисоботининг тўғри юритилиши устидан назоратни амалга ошириш;

- Муассаса томонидан Устав ва бошқа ҳужжатларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

- Ижроия Қўмита ёки муассасанинг юқори раҳбар органи Таъсисчининг топшириғи билан режалаштирилган текширувларни бир йилда бир маротабадан кам бўлмаган муддатда амалга ошириш.

Назорат комиссиясининг аъзолари ўз ишига керакли бўлган барча ҳужжатларни Муассасанинг мансабдор шахсларидан талаб қилишга ҳақлидирлар.

4.9. Назорат комиссияси ўзи томонидан ўтказилган текширувлар натижаларини Ижроия қўмитага тақдим этади. Назорат комиссиясининг аъзолари бир вақтда муассаса Директори лавозимига эга бўлишлари ёки Муассаса ходимлари бўлишлари мумкин эмас.

4.10. Назорат комиссияси аъзоларининг фаолияти беғараздир, бу эса уларга назорат комиссиясининг таркибида ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ фаолиятидан келиб чиққан сарф-харажатларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муассасанинг Таъсисчиси ёки Муассаса маблағларидан қоплашни инкор этмайди.

4.11. Назорат комиссияси фаолиятини ўз аъзолари орасидан сайланган Раис бошқаради.

 

5.1. Муассасанинг юридик шахс мақомига эга бўлган бўлинмалари Ижроия қўмита қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилади ва тугатилади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли адлия органларида давлат рўйхатидан ўтади, ўзининг алоҳида ҳисоб рақами, баланси ҳамда мол-мулкига эга бўлади.

5.2. Муассаса ҳудудий бўлинмаларининг раҳбарлари муассаса директори томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Шунингдек, ҳудудий бўлинмаларнинг масъул ходимлари Муассаса директори билан келишилган ҳолда Муассасанинг ҳудудий бўлинма раҳбари томонидан ишга қабул қилинади ва тегишли тартибда ишдан бўшатилади.

5.3. Туманлар ва шаҳарларда Муассасанинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган бўлинмалари Ижроия қўмита қарори билан ташкил этилади ва тугатилади ҳамда улар маъмурий ҳудудий бўлиниши бўйича Муассасанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлинмаларига бўйсунадилар.

5.4. Муассасанинг туманлар ва шаҳарлардаги бўлинмалари раҳбарлари Республика Ёшлар Маркази директори билан келишилган ҳолда тегишлилиги бўйича Муассасанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлинмалари раҳбарлари томонидан ишга қабул қилинади ва ишдан бўшатилади.

5.5. Муассасанинг туманлар ва вилоятга бўйсунадиган шаҳарлардаги бўлинмалари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли адлия органларида ҳисобга қўйилади.

5.6. Муассасанинг бўлинмалари фаолияти мазкур Устав ҳамда амалдаги қонунчиликка зид бўлмаган ва Ижроия қўмита томонидан тасдиқланган низомлар билан тартибга солинади.

5.7. Муассасанинг ҳудудий ва маҳаллий бўлинмалари ўз фаолиятини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- ўз қонуний манфаатларини давлат ва жамоат ташкилотлари олдида тақдим этиш ва ҳимоя қилиш;

- бўлинма фаолияти дастурини ишлаб чиқиш, унинг бажарилишини ташкил қилиш ва ҳисобот бериш;

- календарь йили учун иш режани ишлаб чиқиш ва унинг бажарилишини назорат қилиш, ҳисоботни тасдиқлаш;

- мазкур Устав, дастурий ҳужжатлар ва Муассасанинг бошқа ҳужжатлари билан аниқланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун қонунчиликда белгиланган тартибда ўз фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тарқатиш;

- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда барча таълим муассасалари, мулкчилик шаклидан қатъий назар барча турдаги корхона, ташкилот ва муассасалар, давлат органлари ва нодавлат ташкилотларидаги ёшлар билан бевосита мулоқот ўтказиш;

- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, Тошкент шаҳри, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари, илмий-ижодий уюшмалар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда бевосита ёшлар фаолияти билан шуғулланувчи муассасалар билан ҳамкорлик қилиш;

- ёшларнинг илмий, ҳуқуқий, психологик, педагогик, иқтисодий, тадбиркорликка оид, ижтимоий, ижодий, интеллектуал, тиббий, маиший, фан ва таълим, спорт ва санъат соҳасидаги саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида турли ўқув-амалий ва ижодий тўгараклар ва бошқалар ташкил қилиш;

- ёшларни муҳофаза қилишнинг аҳволини тадқиқ этиш бўйича мувофиқлаштириш кенгаши ва эксперт комиссиялари, ахборот-таҳлил материаллари тайёрлаш бўйича олимлар, мутахассислардан вақтинчалик ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

- рухсатнома (лицензия) талаб қилинадиган фаолиятлар билан тегишли идоралардан рухсатнома (лицензия) олинганидан сўнг шуғулланиш.

Бўлинмалар Муассасанинг Устави мақсадлари ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида кўрсатилган бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.

5.8. Ҳудудий ва маҳаллий бўлинма раҳбари:

- Бўлинма фаолиятини бошқаради ҳамда у мақсад ва вазифаларга эришиш учун масъул шахсдир;

- Бўлинма манфаатларини давлат, жамоат ва бошқа ташкилотлар олдида ишончномасиз ифодалайди;

- бўлинманинг моддий ва молиявий маблағларидан фойдаланиш учун жавобгар шахсдир;

- меҳнат қонунчилигига мувофиқ юридик шахс мақомига эга бўлган бўлинмага ходимларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;

- бўлинма фаолиятининг дастурларини ишлаб чиқишни ташкил этади;

- ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни Муассасага тақдим этади;

- бўлинма фаолиятининг масалалари бўйича буйруқ ва фармойишларини чиқаради;

- бўлинма номидан ҳуқуқларни амалга оширади ва мажбуриятларни бажаради;

- давлат органлари, тижорат ва нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш билан боғлиқ ишларни ташкил этади;

- Ижроия қўмитанинг қарорлари, Муассасанинг фармойиш ва буйруқларини ижро этиш бўйича чора-тадбирлар режалари ва дастурларини ишлаб чиқади;

- Ижроия қўмита қарорлари, Муассаса ҳамда ўзининг фармойиш ва буйруқларини амалга ошириши, маҳаллий тузилмавий бўлинмаларнинг фаолияти билан боғлиқ бўлган ушбу бўлинмалардан барча керакли маълумотларни олади;

- мазкур Устав билан бошқа раҳбар органнинг мутлақ ваколатларига кирмайдиган ва бўлинманинг мақсад ва вазифаларига эришиш учун керакли бўлган бошқа барча ваколатларни амалга оширади.

5.9. Муассасанинг бўлинмалари ўз фаолиятини амалга оширишда қуйидаги мажбуриятларга эга:

- ўз вақтида иш режаларни ва уларнинг бажарилиши тўғрисида ҳисоботларни тасдиқлаш;

- Муассаса томонидан берилган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

- фаолияти давомида амалдаги қонун, Муассаса Устави ва тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, адолат, қонунийлик, инсонпарварлик тамойилларига риоя қилиш;

- Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига ўз фаолияти ҳақида ҳисоботлар тақдим этиш;

- ўз мулкларини асраб-аввайлаш ва уларнинг ҳавфсизлигини таъминлаш;

- ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш.

Бўлинма қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

6.1. Муассаса Уставида назарда тутилган фаолиятнинг молиявий таъминотига зарур бўлган бинолар, иншоотлар, жиҳозлар, пул маблағари, қимматбаҳо қоғозлар ва бошқа мол-мулк, шунингдек, интеллектуал мулк ҳуқуқларидан фойдаланиши мумкин.

6.2. Муассаса ва унинг бўлинмалари мол-мулкининг шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:

- Муассаса муассасанинг юқори раҳбар органи таъсисчиси томонидан ажратиладиган бир маротабалик ва мунтазам мол-мулклар, пул маблағлари;

- Муассасанинг ноширлик, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик фаолиятидан келиб тушадиган ва фақат Устав мақсадларида ишлатиладиган маблағлар;

- кўргазма, лекциялар, хизматлар ва бошқа тадбирлар ўтказилишидан олинган даромадлар;

- жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик маблағлари;

- Муассаса таъсис этган хўжалик субъектларида иштирок этишдан тушадиган даромад;

- Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар тарзидаги давлат томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган даромадлар;

- Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

6.3. Муассасанинг ва у тузган тузилмаларнинг мол-мулки ва тадбиркорлик ҳамда бошқа фаолиятидан олинган даромадлар фақат Уставда белгиланган фаолиятга сарфланади ва Муассаса иштирокчилари ва ходимлари ўртасида тақсимланмайди.

 

7.1. Муассаса ўз фаолиятининг натижалари ҳисобини юритади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этади.

 

8.1. Муассасани қайта ташкил этиш фақат Ижроия қўмита қарорига мувофиқ қўшилиш, бирлашиш, бўлиниш, ажралиб чиқиш ва ўзгартириш йўли билан амалга оширилади.

8.2. Муассасани тугатиш Ижроия қўмита қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилади.

Муассасани тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган давлат рўйхатидан ўтказувчи адлия органи билан келишган ҳолда тугатиш комиссиясини тайинлайди.

Муассасани тугатиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

8.3. Муассаса бўлинмаларини қайта ташкил этиш фақат Ижроия қўмита қарорига мувофиқ амалга оширилади.

8.4. Муассаса бўлинмаларини тугатиш Ижроия қўмита қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилади.

Муассаса бўлинмаларини тугатиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

9.1. Муассаса Уставига фақатгина Ижроия қўмита қарори асосида ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

9.2. Ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгандан сўнг, Муассасанинг таъсис ҳужжатларини адлия органига белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиш лозим.

10.1. Мазкур Уставга киритилмаган масалалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига биноан ҳал этилади.

10.2. Муассаса адлия органларида рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб мазкур Устав кучга киради ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ Муассаса фаолияти тугатилгунга қадар амал қилади.